Бугун 2 март куни Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театрида давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган бешта муҳим ташаббус ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилган “Ёш иқтидорлар” тўгарагига танловнинг иккинчи куни бўлиб ўтди. Унда 14-16 ёшдаги 30 нафардан ортиқ истеъдодли ўғил-қизлар иштирок этди. Иштирокчилар актёрлик маҳорати, хонандалик, сухандонлик ва рақс йўналишларида театрнинг элимиз ардоғидаги санъаткорлари Александр Бекчанов, Баҳром Болтаев, Расулхон Қодирхонов ва ёш режиссёр Достон Хақбердиев ҳакамлиги остида маҳоратини синовдан ўтказди. –Муқимий театри қошида очиладиган тўгарак ҳақидаги эълонни эшитганимдан сўнг, бир ой мобайнида тайёргарлик кўрдим. Танлов шартларига кўра шеър ва монологлар ёдладим, этюдлар тайёрладим. Чиқишим ҳакамлар эътирофига сазовор бўлганидан хурсандман – деди 157-сонли умумий ўрта таълим мактабнинг 8-синф ўқувчиси Маъруф Махаматназаров.
Эслатиб ўтамиз, танлов 10 мартга қадар давом этади.