Янгиликлар

ДАВЛАТ ҚУРОЛИ ҚИЛИЧ ЭМАС, ТИЛДИР!
Сана: 07.05.2019

Яқин кунларда ижтимоий тармоқларда бир гуруҳ “ўзбек зиёлилари” имзоси остида рус тилига расмий тил мақомини бериш таклифи билан чиқиши халқимизнинг  кескин норозилигига сабаб бўлди.

          Хўш, бу воқеа нега содир бўлди? Юртимизда рус тили камситилаётган эдими? Йўқ, асло! Фактларга мурожаат этайлик:  Рус тили ва юртимизда яшаётган бошқа халқларнинг тилига нисбатан Ер куррасида ўзбекларчалик эътибор бераётган бирорта бошқа халқ бўлмаса керак. Далиллар келтирамиз.  Юртимизда 136 миллат ва элатлар яшаётган бўлса, Ўзбекистон давлати раҳбари Шавкат Мирзиёев ва республика ҳукумати томонидан қилинаётган ғамхўрликга биноан радио ва ТВда ўндан ортиқ тилларда эшиттириш ва  кўрсатувлар берилиши,  улар учун юздан ортиқ Маданият марказлари очилиши, концерт залларида  рус тилида  концерт ва фильмлар намойиш қилиниши йўлга қўйилганлиги, кўп сонли элатларнинг ўз тилларида мактаблар очилганлиги,  халқимизнинг бағри кенглиги туфайли бирорта халқ вакили ҳеч бир соҳада камситилмаётганлигини эътироф этишга бурчлимиз.

Шундай экан, ўзини “зиёли” деб билганларнинг ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганлигининг 30 йиллиги байрами арафасида бундай ўринсиз таклифлари уларда шукроналик туйғусининг мутлақо йўқлигидан далолатдир.

Муҳтарам Президентимиз томонидан халқпарвар ислоҳотлар олиб борилаётган вақтда, аҳолининг барча қатламининг эҳтиёжини ўрганиб, “халқ давлатга эмас, давлат халққа хизмат қилсин” тамойили изчиллик билан амалга оширилаётган бир пайтда қўштирноқ ичидаги “устозларимиз” А.Навоий тилида сўзлашишдан ор қилишяптими?

Биз, Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театри ижодкорлари санъаткор “устозларимиз” ва баъзи олимлардан қаттиқ ранжидик.

Зеро, атоқли ёзувчимиз Абдулла Қодирий айтганларидек, “Ўзбек тили камбағал эмас, балки ўзбек тилини камбағал дегувчиларнинг ўзи камбағал.Улар ўз нодонликларини ўзбек тилига тўнкамасинлар.”

Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театри ижодкорлари:

Ўзбекистон халқ артистлари Мирза АЗИЗОВ,

Наима ПЎЛАТОВА,

Маръям ИХТИЁРОВА,

Меҳри БЕКЖОНОВА,

Одина НАЗРУЛЛАЕВА,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Дилором САФОЕВА,

Турғун БЕКНАЗАРОВ,

Ҳамид ТЎХТАЕВ,

Малика ҚАЮМОВА,

Гулчеҳра НОСИРОВА,

Александр БЕКЖОНОВ,

Директор ўринбосарлари Хайрулла ИНОҒОМОВ, Хайрулла ВАҲОБОВ,

Труппа бошлиғи Мурод ТЎРАҚУЛ,

Адабий эмакдош, шоир ва драматург, Халқаро Фузулий мукофоти совриндори Тўра МИРЗО,

Театр веб-сайти муҳаррири Фируза ХОЛИҚОВА,

солист-вокалист, хор, балет, оркестр раҳбарлари ва артистлари.