Янгиликлар

Адолат – қонун устуворлигида
Сана: 07.12.2019
Бугун 2019 йил 7 декабрь куни Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театрида Олий суд судьялари ва ходимлари иштирокида Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 27 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. 
 Тадбирни кириш сўзи билан Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси К. Комилов очиб, йиғилганларни конституциямизнинг 27 йиллиги билан табриклади.
Шу куни Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий суди, АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) ва БМТ Тараққиёт дастурининг “Ўзбекистонда қонун устуворлиги йўлида ҳамкорлик” қўшма лойиҳаси томонидан ўтказиб келинаётган “Адолат – қонун устуворлигида” танлови ғолибларини тақдирлашга бағишланган маросим ҳам бўлиб ўтди.
Ушбу танловни ташкил этишдан кўзланган асосий мақсад – суд ҳокимияти ва оммавий ахборот воситалари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, судлар фаолияти тўғрисида кенг жамоатчиликка холис ва ҳаққоний ахборот етказаётган журналистларни рағбатлантиришдан иборат.
Тадбирда сўзга чиққанлар оммавий ахборот воситаларида чоп этилаётган материаллар холис, беғараз ва қонуний асосда ёзилган бўлиши кераклигига эътибор қаратди. Чунки нохолис фикр жамоатчилик ўртасида нотўғри тасаввур шаклланишига сабаб бўлиши мумкин. Бинобарин, суд ҳокимияти ҳам, оммавий ахборот воситалари ҳам жамиятда қонунийликни таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини кафолатли ҳимоя қилиш йўлида фаолият юритади.
Тадбирда сўнгида танлов ғолибларига диплом ва эсдалик совғалари топширилиб, йиғилганларга Муқимий театри репертуаридан муносиб ўрин эгаллаган муаллиф Қўчқор Норқобил қаламига мансуб “Айёргина аёллар” мусиқали комедия спектакли намойиш этилди.