Мазкур бадиий асарда Ислом Каримовнинг 1986-1989 йилларда Қашқадарё вилоятидаги раҳбарлик даври, “ўзбек иши”, “пахта иши” деб аталган компания авж олган йилларда республикадаги ижтимоий-иқтисодий вазият, миллий мустақиллик ғоясининг туғилиши, шунингдек, Ислом Каримов Ўзбекистон компартияси Марказий қўмитасининг биринчи котиби лавозимига тайинлангунга қадар рўй берган, ҳам Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти учун, ҳам бутун мамлакат учун ҳал қилувчи аҳамият касб этган воқеалар қаламга олинган.
Тақдимот маросимида Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг рафиқаси Татьяна Каримова, маданият ва санъат, адабиёт оламининг таниқли вакиллари, журналистлар иштирок этди. Тадбир сўнггида Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театр актёрлари янги асар асосида режиссёр Достон Хақбердиев саҳналаштирган кичик спектаклни намойиш этишди. Унда ролларни актёрлар Т.Бекназаров, Т.Пржонов,Ф.Рустамов, И.Иброҳимов, Б.Болтаев, И.Умирова, Ҳ.Ортиқов, Р.Қодирхонов, О.Сапаралиев, А.Йўлдошевлар ижро этди. Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов ролини ижро этиш эса актёр Азизхон Латиповга насиб этди.