Ижодий кеча...
Кеча, 30 сентябрь санасида Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театрида устоз санъаткор, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Дилором Сафоеванинг таваллудининг 80 йиллигига бағишланган ижодий кеча ўтказилди.
Кечага халқ ардоғидаги санъаткорлар, пойтахт театрлари вакиллари ташриф буюриб, Дилором Сафаевани самимий қутлашди, устоз санъаткор ҳақида илиқ сўзлар айтилди. Ижодкорнинг кўп йиллар давомида маданият, санъат соҳасида амалга оширган ишлари, хизматлари эътироф этилди. Ҳамкасблари, шогирдлари ижросидаги гўзал рақс ва куй-қўшиқлар кечага янада файз улашди.
Шунингдек, ушбу кечада ўз касбининг фидойиси, устоз санъаткор Дилором Сафоевага Маданият вазирлиги томонидан "Маданият ва санъат фидокори" кўкрак нишони тантанали топширилди.
Суратлар муаллифи – Музаффар МУҲАММАДНАЗАР