





9 октябрь куни Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат академик мусиқали театрида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, устоз санъаткор Равшан Солиҳов таваллудининг 80 йиллигига бағишланган хотира кечаси ўтказилди.
Тадбирда маданият ва санъат соҳаси вакиллари, театр жамоаси, санъаткорнинг шогирдлари, ҳамкасблари, яқинлари ҳамда театр мухлислари иштирок этди.
Кеча давомида Равшан Солиҳовнинг ўзбек театр санъати ривожига қўшган муносиб ҳиссаси, кўп йиллик самарали ижодий фаолияти, саҳнада яратган бетакрор образлари ва устозлик фаолияти ҳақида сўз юритилди. Устоз санъаткорнинг миллий театр санъати анъаналарини асраб-авайлаш ва ёш ижодкорларга етказиш борасидаги хизматлари алоҳида эътироф этилди.
Хотира кечасида санъаткорнинг ижодий фаолияти акс этган видеолавҳалар намойиш қилиниб, унинг саҳнадаги образлари ва ижодий мероси ёдга олинди. Театр санъаткорлари томонидан тайёрланган мусиқий ва бадиий чиқишлар кечага ўзига хос руҳ бағишлади.
Тадбирда сўзга чиққанлар Равшан Солиҳовнинг санъатга бўлган садоқати, касбий маҳорати, самимий инсоний фазилатлари ва шогирдларига бўлган меҳри ҳақида илиқ хотиралар билан ўртоқлашдилар.
Мазкур хотира кечаси устоз санъаткорнинг бой ижодий меросини яна бир бор ёдга олиш, унинг миллий театр санъати ривожидаги ўрнини эътироф этиш, шунингдек, ёш авлод ўртасида устоз-шогирд анъаналарини янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.
