Бугун 17 май куни театримизда марҳум драматург Холиқ Хурсандов асари, композитор Мустафо Бафоев мусиқаси, қўшиқлар матни муаллифи Тўра Мирзо, Яссавий ва Бобур халқаро мукофотлари совриндори Баҳодир Назаров томонидан саҳналаштирилган “Тўмарис” мусиқали драмаси Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг давлат комиссиясига топширилди.
Муҳокамани вазирлик театрларни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи, санъатшунослик номзоди Муқаддас Аҳмаджонова очиб, ушбу спектакль ватанпарварлик мавзусидаги энг долзарб асар эканлигини таъкидлаб, сўзни Ўзбекистон композитор ва бастакорлар уюшмаси раиси Рустам Абдуллаевга берди. У бу спектакль Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театри учун алоҳида босқич бўлганлигини, айниқса Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби, композитор Мустафо Бафоевнинг жиддий мувафаққияти эканлигини алоҳида эътироф этди.
Кейин сўзга чиққан Ўзбеккино Миллий агентлиги бош директори биринчи ўринбосари, Республика ёзувчилар уюшмаси драматургия ва кинодрамтургия кенгаши раиси, филология фанлари номзоди Шуҳрат Ризаев, мусиқашунос олим О.Матёқубов, санъатшунослик докторлари, профессорлар Муҳаббат Тўлахўжаева, Дилфуза Раҳматиллаева, Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби, режиссёр Жўра Маҳмудов ва бошқа мутахассислар ушбу спектакль жуда долзарб мавзудалиги ҳамда томошабинларда миллий ифтихор туйғусини уйғотишда хизмат қилиши билан ниҳоятда қадрли эканлиги ҳақида гапирдилар.
Янги “Тўмарис” мусиқали драмасининг премьераси 2019 йил 20-22 май кунлари соат 18.30да бошланади.