Янгиликлар

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқ артисти Мирза Азизов вафоти мунос
Сана: 16.04.2021

  

Ўзбек маданияти ва санъати оғир жудоликка учради.

Миллий театр ва кино санъатимизнинг таниқли намояндаси, Ўзбекистон халқ артисти Мирза Азизов оғир касалликдан сўнг шу йил 15 апрель куни 58 ёшида вафот этди.

Мирза Азизов 1963 йили Наманган вилоятининг Чуст шаҳрида туғилган. 1987 йили Тошкент театр ва рассомлик санъати институти (ҳозирги Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти)ни мусиқали драма актёри ихтисослиги бўйича тамомлаган.

Меҳнат фаолиятини 1989 йилда Муқимий номидаги ўзбек давлат мусиқий театрида вокал артисти сифатида бошлаб, 1992-1997 йиллар давомида Ўзбек давлат драма театрида ҳам самарали ижод қилди.

Мирза Азизов кўп йиллик серқирра ижодий фаолияти мобайнида ноёб истеъдоди ва юксак маҳорати билан театр саҳнаси ва кино санъатида томошабинлар қалбидан чуқур жой олган ўнлаб ёрқин образлар яратди.

Истеъдодли актёр “Юсуф ва Зулайҳо”, “Фарҳод ва Ширин”, “Нодирабегим”, “Алпомишнинг қайтиши”, “Топталган туйғу” каби машҳур спектаклларда, “Кўнгил кўчалари”, “Остона”, “Имом Бухорий”, “Муҳаббат синовлари”, “Тубанлик”, “Мурувват”, “Гумроҳлар”, “Новда” каби кўплаб кинофильмларда бетакрор характер ва дунёқарашга эга бўлган турли шахслар сиймосини моҳирона талқин этиб, минглаб санъат мухлислари ва кенг жамоатчиликнинг ҳурмат-эътиборини қозонди.

Ўз фаолиятининг маъно-мазмунини халқимизга, жонажон Ватанимизга сидқидилдан хизмат қилишда, деб билган санъат фидойиси мамлакатимизда ўтказиб келинаётган барча оммавий-маданий тадбирларнинг фаол иштирокчиси эди. 

У 2016 йилдан бошлаб Муқимий номидаги ўзбек давлат мусиқий театри директори лавозимида самарали меҳнат қилиб, 80 йиллик шонли тарихга эга ушбу санъат даргоҳининг моддий-техник базаси ва кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш, репертуар таркибини замонавий ва тарихий асарлар билан бойитишга, иқтидорли актёрларни тарбиялашга муносиб ҳисса қўшди. 

Катта ижод ва ҳаёт тажрибасига эга бўлган М.Азизов халқимиз, авваламбор, ёшларимизнинг маданий савиясини юксалтириш, уларни миллий ва умуминсоний қадриятлар, эзгулик ва ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, маънавий ҳаётимизни турли таҳдид ва хуружлардан ҳимоя қилиш йўлида чинакам фидойилик намунасини кўрсатди.

Мирза Азизовнинг ўзбек театр ва кино санъатини ривожлантириш борасидаги хизматлари давлатимиз томонидан муносиб тақдирланди. У “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист”, “Ўзбекистон халқ артисти” фахрий унвонлари билан мукофотланган эди. 

Таниқли санъаткор, самимий ва камтарин инсон Мирза Азизовнинг ёрқин хотираси қалбларимизда ҳамиша сақланиб қолади. 

Ш.Мирзиёев, Т.Норбоева, Н.Исмоилов,

А.Арипов, О.Назарбеков, Ё.Саъдие