Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театри 28 декабрдан 10 январгача болажонлар учун қишки таътил туҳфаси тайёрлашди. Муаллиф Ш.Жалилованинг “Ялмоғизнинг найранги” деб номланган мусиқали Янги йил эртаги барчага бирдек ёқди деган умиддамиз.
Бу спектаклдаги воқеалар ўрмонда бўлиб ўтади. Унда кўплаб ҳайвону жонзотлар, эзгулик маликаси Қорқиз бир тараф ва ичиқора Ялмоғиз ҳамда унинг югурдаклари бир тараф бўлиб, эзгулик ва ёвузлик ўртасидаги қарама қаршилик ва унинг оқибати ҳақида ҳикоя қилинади.
Мазкур спектаклда гарчанд ёвузлик маълум бир муҳлат устун келаётган бўлса-да аммо яхши жонзотлар бирикуви натижасида ҳақиқат яна устун келиши кўрсатилгани учун бу саҳна асари ўзига хос тарбиявий аҳамият касб этади.