Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 8 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма саккиз йиллигига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги ПҚ-4386-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида республикамизнинг барча ҳудудларида аҳолининг кенг қатламлари ўртасида маънавий-маърифий тадбирлар, тарғибот-ташвиқот ишлари амалга оширилмоқда. Шунга кўра жорий йилнинг 21 август куни Хоразм вилояти Хива шаҳар Ичан қалъа давлат музей-қўриқхонасидаги Матмурод девонбеги тарихий обидасида “Маърифат тур” лойиҳаси тақдимот маросими бўлиб ўтди. Инсонларга фақатгина саёҳат ҳақида маълумот бериш эмас, балки шу орқали уларнинг тарихий обидалар ҳақидаги тасаввурларини кенгайтириш, маънавий салоҳиятини юксалтириш мақсадини кўзлаган бу лойиҳа тақдимотида Хоразм вилояти “Қатағон қурбонлари” музейи директори, тарих фанлари доктори Юлдуз Раҳмонова “Хива: кеча, бугун, эртага” маърузасида бу лойиҳанинг ўзига хос хусусиятларини ёритиб берди, шунингдек Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театр директори, Ўзбекистон халқ артисти Мирза Азизов бу борада ўз таклиф-тавсиялари билан ўртоқлашди. Тадбирдан сўнг Хива шаҳрида жойлашган “Ичан қалъа” давлат музей-қўриқхонасига сайёҳат уюштирилди ва иштирокчиларга қалъа ҳақида батафсил маълумотлар берилди. “Маърифат тур” лойиҳаси фестивалнинг барча қатнашувчиларида ўзгача таассурот қолдирди.