Янгиликлар

Ёшлар кутубхонаси
Сана: 22.08.2019
Жорий йилнинг 22 август куни Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ташаббуси ҳамда  Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан ҳамкорликда “Kitob olami” мажмуасида “Ёшлар кутубхонаси” лойиҳаси доирасида чоп этилган янги китобларнинг тақдимот маросими бўлиб ўтди. Унда давлат ва нодавлат ташкилотлар вакиллари, шоир-ёзувчилар, «Ёшлар нашриёт уйи» таҳририяти жамоаси, ижодкор ёшлар, Ёшлар иттифоқи фаоллари ҳамда ОАВ ходимлари, шунингдек Муқимий номидаги Ўзбекистон  давлат мусиқали театридан Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Турғун Бекназаров ва маҳоратли актёримиз Расулхон Қодирхоновлар иштирок этди.
              Дастлаб “Ёшлар нашриёт уйи” томонидан  “Ёшлар кутубхонаси” рукни остида 47 номдаги китоб 10 минг нусхадан чоп этилиб, республикамиздаги барча таълим муассасаларига бепул тарқатилди.
       Чоп этилган китоблар орасида ўзбек халқ эпосларидан тортиб, ўзбек классик адабиётининг шоҳ асарлари нашр этилди. Ўзбек адабиёти вакиллари А.Қодирий, Одил Ёқубов, Ғафур Ғулом, Пиримқул Қодиров, Ойбекнинг машҳур асарлари босилиб, ўқувчилар қўлига етиб борди. Шунингдек, “Ёшлар кутубхонаси” рукни остида Робиндранат Тагор, Иоганн Вольфганг Гёте, Стендал, Эрнест Хемингуэй, Антон Чехов, Паоло Коэльо, Нодар Думбадзе, Чингиз Айтматов каби жаҳон адабиёти намоёндаларининг сара асарлари, ҳинд халқ эпоси “Калила ва Димна” ҳам нашр этилди.
      Лойиҳа доирасида болалар адабиётига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Ўзбек халқ эртаклари, Анвар Обиджоннинг “Мешполвон жангга отланди”, Худойберди Тўхтабоевнинг “Сариқ девни миниб”, Антуан де Сент-Экзюперининг “Кичкина Шаҳзода”, Жонатан Свифтнинг “Гулливернинг саргузаштлари” каби асарлари ҳам чоп этилди. Алишер Навоийнинг “Лисон ут-тайр” асари инглиз тилида нашр юзини кўрди. 
      Қолаверса, “Ёшлар нашриёт уйи” томонидан ёш ижодкорларни қўллаб-қувватлаш учун ҳам қатор амалий ишлар қилинди. Ёш ижодкорлардан Насруллонинг “Иккимиздан қолсин аланга”, Муҳаммадхон Юсуповнинг “Кичик ҳикоялар”, Жонтемирнинг “Дарвеш қўшиғи”, Шуҳрат Сатторовнинг инглиз тилига таржималаридан “Анор” номли китоблари ҳам чоп этилди. Қолаверса, ёш ижодкорлар қаламига мансуб сара асарлардан тузилган алманах — “Жилғалар қўшиғи” номли тўплам чоп этилди.