Жорий йилнинг 22 сентябрь куни шоира - Хосият Рустамованинг ташаббусига кўра, Озарбайжон миллатининг вакиласи, Давлат ва жамоат арбоби, Озарбайжон Миллий мажлиси депутати, Миллий билимлар академияси профессори, журналист ва шоира - Ганира ПАШАЕВА бошчилигидаги делегация Ўзбекистонга ташриф буюрди.
Озарбайжоннинг Тошкентдаги маданият маркази раҳбари Самир Аббасов, шоирлар Шамил Содиқ ва Шервоз Ҳусайн ўғли ва бошқалар Тошкентнинг эътиборга молик жойларини айланишди ҳамда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, "Инсон ва Қонун" газетаси Бош муҳаррири, драматург ва адиб - Қўчқор Норқобил қаламига мансуб "Айёргина аёллар" спектаклини томоша қилиш учун Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театрига ташриф буюришди. Меҳмонларни театр директори, Ўзбекистон халқ артисти Мирза Азизов ва театрнинг ижодий жамоаси кутиб олишди. Мазкур пьесанинг озарбайжон тилига таржима қилиниб, чоп этилган китоби театр раҳбариятига тақдим этилди.