Янгиликлар

Муқимий театри қошидаги Қоракўл театри ташкил этилади!
Сана: 25.01.2021

  Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали  театри қошида Қоракўл Халқ театри ташкил этилади.

 
Маданият вазирининг биринчи ўринбосари Жамол Носиров Бухоро вилоятига хизмат сафари давомида Қоракўл туманида янги барпо этилган Маданият саройига ташриф буюриб қоракўллик ижодкор ёшлар билан учрашди.  
 
Унда Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театри директори Ўзбекистон халқ артисти Мирза Азизов ва вилоятда фаолият олиб бораётган соҳа вакиллари иштирок этди. 
 
Дўстона ва самимий мулоқот тарзида кечган учрашувда Жамол Носиров Маданият саройи кўркам иншоот сифатида қад ростлаб туриши билан бирга, бу бино унга ҳақиқий санъат сеҳри, жозибасини олиб кирувчи ва  ўзгача руҳ бағишловчи ёшлар маскани сифатида хизмат қилиши лозимлигини таъкидлади.
 
 
Мулоқот чоғида Жамол Носиров Қоракўл туманида Муқимий театри қошидаги Қоркўл Халқ театри ташкил этилаётганлигини маълум қилди. 
 
Мазкур театр жамоасини шакллантириш мақсадида Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театр  директори Ўзбекистон халқ артисти  Мирза Азизов томонидан уч кун мобайнида актёр ва актрисалар ўртасида  танлов ўтказилиб иқтидорлилар саралаб олинган.  
 
Мирза Азизовнинг айтишича, Қоракўл Халқ театрида тез кунда янги пьеса саҳналаштирилади ва ушбу театр жамоаси ўз спектаклларини пойтахтдаги театр саҳналарида ҳам намойиш этиш имкониятига эга бўлишади.