Янгиликлар

Маданият ва санъат ходимлари куни!
Сана: 15.04.2024

   15 апрель — Маданият ва санъат ходимлари куни!  

Байрам муборак, дўстларим!
 
 Қўчқор НОРҚОБИЛ
 
ИНСОННИНГ ҚАЛБ КЎЗИНИ ОЧГУВЧИ ҚУДРАТ 
***
Дарахтнинг барқ уриб яшнаган баргларини кўз олдингизга келтиринг-а... Уларнинг темирга айланиб қолишини тассаввур этоласизми? Йўқ, ақл бовар қилмайди! 
Санъатни ҳам Ҳаёт Дарахти баргларига қиёсламоқ мумкин. У темирга айланса, тамом, Ҳаёт занглайди, тириклик ўз моҳиятини йўқотади. 
 *** 
Аслида Санъат ва Маданият Ҳасан Ҳусан каби эгиздир. Эт билан тирноқ. Қушнинг икки қаноти. Маданиятга тегишли барча тушунчаларни “Одамийликдан олислашиш Инсоният учун инқироздир...”,  деган ақида бирлаштириб туради.
  *** 
Санъат тушунганлар учун Ҳаёт, тушунмаганлар учун эса Саноатдир!
 *** 
Санъат Инсоннинг қалб кўзини очади. Албатта, бу кўз билан одам дунёни бошқача кўра бошлайди. Масалан, яхши спектаклдан олдинги ва кейинги ҳолатингизни таасаввур этиб кўринг... Нима, ҳеч нарса ўзгармади, дейсизми? Қалб кўзингиз очилмабди, биродар. Унда театрга яна бир бориб кўринг... 
 *** 
Қай бир томоша турига мансублигидан қатъий назар саҳнанинг муқаддаслиги шундаки, бутун инсоният дарди, керак бўлса, замин юкини кўтаришга қодир бу даргоҳ истеъдодсиз кимсанинг оёқ босишига дош беролмайди. Саҳна барибир кераксиз юкни ўз устидан улоқтириб ташлайди. 
   *** 
Саҳна томошабин қалбига кўчиб ўтгандагина чинаккам санъат бўй кўрсатади. Чунки, саҳнада яшай билган санъат одамлар қалбида ҳам яшаб қолади.
 *** 
Санъат дунёдаги барча тилларга тилмочлик қилиш қудратига эга куч. Масалан, мусиқа ва ранг тасвир, инсон кўнглида ёрқинлик ўйғотувчи барча ифодалар ҳаммага бирдай тушунарли бўлади. Ахир Инсон қиёфасида акс этган қувонч ё қайғуни изоҳлаб ўтиришнинг ҳожати йўқ-ку. Севги – муҳаббатнинг сўзсиз тили ҳаммага тушунарли-ку. 
   ***
Санъат юрак тилида сўзлайди. Юрак тилини тушунганлар муҳаббат тилида сўзлаша оладилар. Муҳаббат тили эса бутун Инсониятга тегишли тилдир!
     *** 
Санъат чиндан қудратли қурол; фақат у билан эзгуликни ҳимоя қилмоқ керак.