Янгиликлар

26 июнь – Халқаро гиёҳвандликка қарши кураш куни.
Сана: 26.06.2020

        Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 1987 йил 7 декабрда қабул қилинган Резолюциясига кўра, 26 июнь Халқаро наркотик моддаларни суиистеъмол қилиш ва уларнинг ноқонуний айланишига қарши кураш куни сифатида белгиланган. Гиёҳвандлик – XXI асрнинг глобал муаммоларидан бирига айланиб улгурди. Ўрта асрларда инсоният ҳаётига жиддий хавф солган вабо ва ўлат каби офатлар бугунги цивилизация замонига келиб ўз ўрнини гиёҳвандлик иллатига бўшатиб берди, десак асло муболаға бўлмайди. Соғлом турмуш тарзини олиб бораётган киши билиб-билмай бу кўчага кириб қолса, ўзининг тинч, фаровон ва бахтли ҳаётини қора зулматга айлантириши айни ҳақиқат. Гиёҳванд киши нафақат ўзига, балки яқинларига ҳам тўхтовсиз азоб беради. Ундан туғилажак фарзандлар эса ота-онасининг хатоси оқибатида бир умрга мажруҳлик қисматига мубтало бўладилар. Зеро, фақат соғлом ота-онадангина соғлом зурриёд дунёга келади. Ҳеч бир инсон онадан гиёҳванд бўлиб дунёга келмайди. Ҳатто, гиёҳванднинг боласи ҳам.

Инсон ҳар доим ўз орзу-интилишлари, мақсад ва режалари йўлида ҳаракат қилади. Агар истаса, ҳар бир киши жамият ривожи йўлида улкан ишларни амалга ошириши мумкин. Бугун мамлакатимизда ёшларнинг таҳсил олиши, эркин касб танлаши, қизиқишлари, истеъдодини юзага чиқариши учун барча имкониятлар мавжуд. Фақатгина ўша шарт-шароитларни кўра билиш ва ундан оқилона фойдаланиш лозим. Бироқ бугун билиб-билмасдан эгри йўлларга кириб қолаётганлар ҳам, афсуски, орамизда йўқ эмас.
Гиёҳванд моддаларга муккасидан кетиш қуйидаги оқибатларга олиб келади: талончилик, ўғрилик, фирибгарлик, барбод бўлган оила қисмати, мажруҳ фарзандлар, беҳаёлик, жиноят, қотиллик ва… ЎЛИМ!