Сойиб Хўжаевнинг 110 йиллиги...
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Қарорига биноан жорий йилнинг 24 декабр куни Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театрининг тамал тошини қўйган улуғ актёрлардан бири, Ўзбекистон халқ артисти Сойиб Хўжаевнинг 110 йиллигига бағишланган хотира кечаси бўлиб ўтди.
Хотира кечасини Ўзбекистон театр арбоблари уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ артисти Ёқуб Аҳмедов очиб, Сойиб Хўжаевнинг актёрлик салоҳияти ҳамда унинг театр ва кино санъатида тутган юксак мавқеи ҳақида ҳикоя қилди.
Ундан кейин Сойиб Хўжаевнинг ўғли, иқтисод фанлари доктори, профессор Маъмурхўжа Хўжаев сўзга чиқиб, отасининг фарзандларига кўрсатган меҳрибончилиги ва уларнинг барчасини олий маълумотли қилганлигини фахр билан таъкидлади.
Ўзбекистон ветеранлар бирлашмаси раиси Раҳим Ғаниев театр ва С.Хўжаев оиласига бирлашма фахрий ёрлиқларини топширди.
Ўзбекистон халқ артисти, Ўзбекистон Миллий академик драма театри актёри Эркин Комилов, Ўзбекистон халқ артисти, Ўзбекистон Миллий академик драма театри директори Ёдгор Саъдиев Сойиб Хўжаев билан қилган ҳамкорликлари ва рўй берган қизиқ ҳангомаларни ҳикоя қилишди.
Табрик сўзидан сўнг экранда Ўзбекистон халқ артисти Сойиб Хўжаев ижод йўли ҳақида ҳикоя қилувчи 15 дақиқали ҳужжатли фильм намойиш этилди.
Ўзбекистон халқ артисти, Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театри солист-вокалисти Маръям Ихтиёрова Сойиб Хўжаев билан партнёр бўлиб бир неча роллар ижро этганлиги, улкан санъаткор импровизация устаси эканлиги ҳақидаги хотиралари билан ўртоқлашди.
Ўзбекистон драма театри артисти, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Мадина Тўхтаева ва Муножот Тешабоева ҳам С.Хўжаев ҳақида илиқ таассуротларини сўзлаб, қўшиқ ижро этди.
Республика сатира театрининг “Шўрданак” гуруҳи Сойиб Хўжаев услубидаги қизиқчилик намуналарини намойиш қилишди.
Театрнинг балет труппаси раққосалари ижросида “Гуллар рақси”, ёш ва иқтидорли солистлар Зардияна Иззатуллаева ва Алишер Йўлдошев ижросида “Тошболта ошиқ “ комедиясидан “Ишон менга” дуэти, театр репитетори, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Шарофат Тожибоева ижросида “Фарғона тонг отгунча” қўшиғи, солист Мусаллам Дадажонова ижросида “Тошболта ошиқ “ комедиясидан Рисолат арияси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Турғун Бекназаровнинг хотираларини ҳикоя қилгач, ария, солист Равшан Дадажонов ижросида “Тошболта ошиқ“ комедиясидан Тешавой арияси, солист Равшан Иброҳимов ижросида “Тошболта ошиқ“ комедиясидан Тешавой арияси, солистлар Наргиза Шаҳобова ва Олтинбек Сафаралиев ижросида “Тошболта ошиқ“ комедиясидаги Каромат ва Тешавойнинг “Менинг ёрим индамас” дуэти ижро этилди.
Шунингдек, театрнинг хор жамоаси томонидан тайёрланган “Устозни хотирлаб” мусиқий гулдаста ижро этилди.
Театрнинг солист-вокалисти, қизиқчи Нурбек Маматов томонидан Сойиб Хўжаевга тақлидий кўринишлар ижро этилди ва хотира кечасининг барча иштирокчилари ижросида финал қўшиғи янгради.