Янгиликлар

Мухлис эътирофи...
Сана: 04.12.2023

   Дунёнинг ташвишлари, турмушнинг кечмишларидан ортиб, бу кўнгилга бир таскин, руҳий озуқа тортиқ этиш ниятида бугун жамоамиз билан Муқимий театрига  "Бахши" спектаклини томоша қилишга бордик. Тўғриси, санъаткорлар билан суҳбатларимда улар театрда, саҳнада "яшаши"ни айтишганида шунчаки касбига бўлган меҳрининг ифодаси сифатидаги гапни айтишади-да, дердим. Ростданам бугун спектаклни томоша қилиб, бир мухлис сифатида унда "яшадим".

 
"Бахши"да авлодлар ўртасидаги узвийлик, Ватанга бўлган муҳаббат, интилиш, тупроқнинг муқаддаслиги жуда таъсирли ва чиройли очиб берилган.Тўғри, бу бадиий асар ва бунда бурттиришлар, камчиликлар мавжуд. Аммо спектаклни томоша килиб, Ватанда яшаш, унда жон бериш ҳар бир инсоннинг энг олий мақсади эканлигини яна бир бор ҳис қилдим. Ахир ҳар биримизнинг юрагимизда қаерларда ишлашимиз, гуллаб-яшнашимиздан қатъий назар,  ота-боболаримиз ором топган масканга интилиш, сўнгги манзилимиз ўша ерда бўлишини исташ туйғуси кучли-ку, шундай эмасми? Инсон ўз қавми ичида бутунлай бошқача яшайди, шу тобда ўзинг туғилиб ўсган масканни соғинчи, ота-оналаримиз, қадрли инсонлар ётган тупроқ қанчалик дилга яқинлигини ҳис қиласан. Спектакл сўнггида томошабинларнинг ўрнидан туриб олқишларидан англадимки, бугун улар ҳам мен каби "яшашибди".
 
Таклиф учун театр матбуот котиби Фирузага, маънавий озуқа, қалбан тафтиш, маданий ҳордик учун актёрлар жамоасига раҳмат!
 
Театрга боринг, спектаклдан сўнг, қалбингизни, ўзингизни тафтиш қилишни, эшитишни бошлайсиз.
 
Ҳусния Пардаева
Журналист