Янгиликлар

“Отабек ва Кумушбиби” спектаклига ташриф
Сана: 30.01.2020
24 январь куни юқори синф ўқувчилари билан Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали  театрига буюк адибимиз Абдулла Қодирийнинг “Ўтган кунлар” романи асосида саҳналаштирилган “Отабек ва Кумушбиби” спектаклини томоша қилиш учун ташриф буюрдик. Тўғрисини айтсам менга мактабимиз маънавият маърифий ишлар бўйича директор ўринбосаримиз Ахунова Барно опа синфга кириб эълон қилганларида, билган, ёд бўлиб кетган асарни яна янгидан саҳналаштирилгани унчалик ёқмаган эди. Спектаклни томоша қилиш вақтидаёқ ўйлаган фикрларимга, айтган гапларимдан роса уялдим.
Театрга кириб келишимиз билан озода ва дид билан безатилган бинони ички қисмини у ерда ташкил этилган мўъжазгина музейни ўқувчилар билан биргаликда мароқ билан томоша қилдик. Хатто спектаклни бошланишини ҳам унчалик кутмаган эдим. Ҳамма ўқувчилар билан томоша залига жойлашдик ва парда кўтарилиб спектакл бошланди. Ўша бизга таниш тўй саҳнаси,  ижролар, декорациялар худди адиб тасвирлаганидек. Спектаклни томоша қилар эканман қаҳрамонлар билан бирга йиғладим, кулдим, курашдим. Бир нарсадан ажабланар эдим, нега энди ҳамма воқеаларни олдиндан биламанку, бунчалик таъсир, ҳаяжон  қаердан?  Бу албатта актёр ва актрисаларнинг гўзал ижроси эди. Улар маҳорат билан шунақанги ижро этишардики шу вақтгача мен кўрган энг гўзал ижро эди. Отабек, Кумуш, Зайнаб, Юсуфбек хожи, Ўзбекойим, Мирзакарим қутидор, Офтобойим ҳамма ҳаммалари жуда ҳам маҳорат билан ўйнашди.  Хасанали образини саҳнага олиб чиқган Турсунбой Пржоновда мен Абдулла Қодирий тасвир этган Ҳасаналини кўрдим. Хомит ролини ўйнаган Умид Шодмоновни  ҳар доим комик ролларда кўрган бўлсакда бундай жиддий салбий қаҳрамонни ижро этиб актёр яна бир қиррасини намоён этди. 
Спектаклда ҳар бир деталга катта аҳамият берилган, айниқса саҳна декарацияси хақида алоҳида тўхталиб ўтсам,  мени ҳайратга солган нарса ҳам воқеаларга ҳамоҳанг декарациялар моҳирона ишланган. Кумушбибини ўлим саҳнасида руҳининг танани тарк этиши томошабинларни ларзага солди. Автобусда мактабга қайтар эканмиз, ҳаммамиз спектаклни муҳокама қилишдан тўхтамас эдик.  Мактабга қайтиб ўқувчиларимдан фикрнома олганимда эса улар ҳам мендан кам таъсирланмаганликларини англадим. Ҳар биттасини ўқир эканман театр раҳбариятига,  шу спектаклни саҳналаштирган режиссёр ва барча актёр-актрисаларимизга, ҳамма меҳнати синган инсонларга мактабимиз жамоаси ва ўқувчиларимиз номидан ташаккур билдирамиз. Сиздай ижодкорлар бор экан театрларимизни келажаги порлоқ. Илоҳим дунё тургунча туринглар, соғлик, омад ва бахт сизларга ҳамиша ҳамроҳ бўлсин. Ижодингизга баркамоллик тилаймиз. 
Сергели тумани 303-сонли умумий ўрта таълим мактабнинг биология фани ўқитувчиси 
Маматқулова Ҳилола Бурхонжоновна