Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист
Хамид Тўхтаев 16 феврал 1960 йилда Бухоро вилоятида таваллуд топган.
2001 йили “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист” фахрий унвони билан мукофотланган.
Маълумоти олий. 1982 йили Тошкент театр ва рассомлик санъати институтини битирган.
Мазкур вазифада 1982 йилдан буён самарали ишлаб келмоқда.
Ҳамид Тўхтаев ўз ижодий фаолияти давомида театрда саҳналаштирилган 50 дан ортиқ спектаклларда турли характерли образларни юксак маҳорат билан ижро этиб, репертуарни бойитиб келмоқда. Жумладан, “Ака-ука совчилар” спектаклида Нортой, “Алпомишнинг қайтиши”да Қоражон, “Юсуф ва Зулайҳо”да Юсуф, “Нодирабегим”да Мадалихон, “Девона”да Ёдгор, “Севги нидоси”да Нодир, “Оқибат”да Жасур, “Топталган туйғу”да Матлаб, “Бу телба хонадон”да Хилми каби образлари мутахассислар томонидан юқори баҳоланган. Айниқса, унинг “Фотима ва Зуҳра” спектаклида яратган Хамидулла образи ўзининг ички кечинмаларга бойлиги, синглиси ор-номуси учун ўз ҳаётини қурбон қилган ака сиймоси томошабинлар қалбини ларзага солган.
У театр билан бир қаторда кино ва телевидениеда ҳам сермаҳсул ижод қилиб, эл-юртнинг эътиборига тушган. Жумладан, “Кўнгил кўчалари” видеофильмида милиционер, “Мирзо Улуғбек”да Хусайн, “Жалолиддин Мангуберди”да Амир, “Янги ой чиққан кеча”да шифокор, “Ўч”да режиссёр, “Талваса” фильмида прокурор, “Муҳаббат синовлари”да шифокор, “Тақдир зарбаси”да йигит каби роллари томошабинлар ёдида қолган.
Жамоа орасида ўзининг ижобий фазилатлари билан ҳурмат қозониб келмоқда.