Солист вокалистлар

Феруза Мустафоева

Феруза Мустафоева

Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқий театри актёри

 

            Мустафоева Феруза Рустамовна 28 август 1991 йилда Қашқадарё вилояти Шахрисабз туманида таваллуд топган.

Мукофотланмаган.  

       Маълумоти олий. 2012 йили Тошкент давлат санъат институтининг театр ва кино актёрлиги факультетини битирган.  

 Мазкур театрда 2012 йилдан буён ишлаб келмоқда.

У ўзининг театрдаги фаолияти давомида ҳозирги кунга келиб юксак ижодий салоҳиятга эга ёш умидли ижодкор эканлигини намоён қилиб, кўплаб сара ролларни маромига етказиб ижро этаётир.

        Феруза Мустафоева театрдаги фаолияти давомида репертуардан жой олган қатор спектаклларда хилма хил образлар яратиб, томошабинлар эътиборига тушган ижодкорлардан бири. У “Осмондаги Ҳулкарим”да Сарвиноз, “Суперқайнона”да Гулчеҳра, “Осмонга сиғмаган қуш”да Намуна, “Меҳр нури”да -1-аёл ва Ойгул, “Олифта”да Саломат, “Антиқа совчилар”да Наргиза, “Тоҳир ва Зуҳра”да Моҳим, “Дилдаги доғ”да Лола, “Қобил ва Ҳобил”да Иқлима, Юлдуз ва бошқа спектаклларда етакчи ролларни ижро этиб келмоқда.

  Айниқса, унинг “Олифта” спектаклидаги Саломат образи ўзининг ички кечинмаларга бойлиги, унинг мураккаб ҳаёт йўлини босиб ўтганлигини ишончи гавдалантирганлиги кўпчиликка маъқул бўлди.

Мустафоева Феруза Рустамовна ҳозирги кунда етук ва тажрибали ҳамда юксак салоҳиятга эга ижодкор бўлиб етишган. Бунинг яққол намунаси сифатида театрда давлат буюртмаси асосида саҳналаштирилган “Тоҳир ва Зуҳра” (А.Навоий достони асосида Хуршид асари) спектаклида Моҳим образини маҳорат билан ижро этиш орқали катта эътироф қозонгани алоҳида аҳамият касб этди.

У ўзининг театрдаги серқирра ижодий фаолияти билан бир қаторда экран санъатига ҳам муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. “Туташ тақдирлар”, “Қалдирғочлар яна қайтади”, “Опа-сингиллар”, “Нима учун” ва бошқа телесериалларда етакчи ролларни ижро этган.

Актриса шунингдек, “Одноклассники”, “Иснод” каби фильмларда, “Меҳмонхона”, “Ёдгор”, “Олтин даврим”, “Бахтли оиламиз”, “Келин куёв” телесериалларида салмоқли роллар яратиш билан бир қаторда “Миллий” телеканалда “Тurist.uz” ва “Ширчой” кўрсатувларида бошловчилик фаолиятини юргизиб келмоқда.