ТЎХТАСИН ЖАЛИЛОВ
Таниқли бастакор, созанда ва педагог Тўхтасин Жалилов 1896 йилда Андижонда туғилган. Жуда эрта мусиқага меҳр қўйган, ўн ёшлигидаёқ Фарғона водийсида “хушовоз хонанда” сифатида танилган, бир неча халқ чолғу асбобларида куй чала оладиган Т.Жалилов ўзбек халқ мусиқасининг дурдоналари, вокал ва инструментал мусиқа асослари билан аста-секин таниша борди.
1925-1927 йилларда у Ҳамза тузган драматик труппа жамоаси билан концертларда қатнашди. Кейинчалик этнографик концерт ансамблида ишлаб, 1928-1934 йилларда Охунбобоев номли Андижон мусиқа театрида бадиий раҳбар бўлиб фаолият кўрсатди. Унинг мусиқаларидан фойдаланиб саҳналаштирилган қатор спектакллар саҳнада узоқ умр кўрди. К.Яшиннинг «Ўртоқлар» драмаси мусиқасини ҳам Т.Жалилов шу театрда яратди.
1934 йилда Т. Жалилов Тошкент мусиқа театрига (ҳозирги А. Навоий номидаги Опера ва балет театри) мусиқа раҳбари этиб тайинланди ва бу театрда мусиқали драмалар яратишда фаол иштирок этди.
1935 йилда Лондонда бўлиб ўтган Умумжаҳон рақс фестивалида қатнашди. 1937 йилда Москвада бўлган ўзбек адабиёти ва санъати декадасига тайёргарлик кўриш муносабати билан у ўзбек филармониясига бадиий раҳбар этиб тайинланган бўлса, 1940-1949 йилларда Муқимий номидаги Ўзбек Давлат мусиқали драма ва комедия театрида бадиий раҳбар сифатида қизғин фаолият кўрсатди ва шу театрда ижодий камолот чўққисига кўтарилди, кенг маданий жамоатчиликка катта истеъдод соҳиби сифатида танилди. Муқимий театрида саҳнага кўйилган энг сара дурдона асарларнинг яратилишида Т.Жалиловнинг хизматлари катта бўлди.
Республикамиз бастакорлари мусиқали драмалар яратишда Т.Жалилов тавсия этган қўшиқлардан кенг фойдаланишган. Унинг куйлари Тошкент, Андижон, Фарғона, Қўқон ва республикамиз ташқарисидаги театрларда саҳналаштирилган спектаклларга асос бўлди. Ўзбек мусиқали драма жанри камолотида муҳим ўрин тутган ва Муқимий театрига шон-шуҳрат келтирган «Қурбон Умаров» (С.Абдулла, 1941), «Нурхон» (К.Яшин, 1943), «Асрлар» (Уйғун, 1943), «Ғунчалар» (3.Фатхуллин, 1945), «Алпомиш» (С.Абдулла, 1945), «Муқимий» (С.Абдулла, 1953), «Равшан ва Зулхумор» (К.Яшин, 1957), «Тоҳир ва Зуҳра» (С.Абдулла, 1953) ва бошқа асарлар унинг ҳаммуаллифлигида дунёга келган.
Б.В.Бровцин «Тоҳир ва Зуҳра» операсини яратишда Т.Жалилов тавсия этган ёқимли, оҳанграбо куйлардан унумли фойдаланган.
Т. Жалилов 200 дан ортиқ халқ севиб эшитадиган дилбар қўшиқларнинг муаллифи ҳамдир. У ўз қўшиқларида ўзбек халқ мусиқаси услубининг ўзига хослигини, табиийлигини, қочиримларга бойлигини сақлаган ҳолда, халқ қўшиқлари, куйларига янги оҳанг, янги мазмун бахш этди. Бу жиҳатдан унинг Ҳамза, С.Абдулла, Чустий, Т.Фаттоҳ шеърларига басталаган қўшиқлари ибратлидир.
Т.Жалиловнинг Ўзбекистонда мусиқа санъатининг равнақидаги хизматлари муносиб тақдирланди. 1937 йилда унга «Ўзбекистон халқ артисти» унвони берилиб, бир қатор орден ва медаллар билан мукофотланди.
Истеъдодли бастакор, созанда ва устоз-мураббий Тўхтасин Жалилов 1966 йил 10 майда Тошкентда вафот этган.