Театр ва кино санъатининг атоқли намояндаларидан бири, катта истеъдод эгаси, актѐр ва режиссѐр Раззоқ Ҳамроев ўз ижодиѐти нафис санъати ҳаммага манзур бўла олган ижодкорлардан эди. Ярим аср мобайнида у театрда ранго-ранг образлар яратиб, хилма-хил спектаклларни саҳналаштирди ва кинода бир қатор ролларни ижро этиб, маданий хазинамизнинг бойишига баракали ҳисса қўшди.
Раззоқ Ҳамроев 1910 йили Бухорода туғилган. У педагогика институтини битиргач, Наманганга йўлланма берилган.Ўқитувчи Раззоқ Ҳамроев Наманган театрида бир спектаклни кўрадию касбини ўзгартиришга қарор қилиб, ўша театрда 1931-1945 йилларда актёр, режиссёр, бадиий раҳбар бўлиб ишлади. “Ўзбекфильм”нинг олтин хазинасига кирган “Алишер Навоий”фильми унга шуҳрат олиб келади.1946 йилда Муқимий театрига актёр ва режиссёрликка таклиф қилинади. 1954 йили Тошкент театр ва рассомлик санъати институтини битириб, умрининг охиригача институтда ўриндошлик йўли билан ўқитувчи, кейинчалик профессор бўлиб ҳамда 1959-1977 йилларда Муқимий театрининг бош режиссёри бўлиб ишлайди.
Унинг хоҳ театр саҳнасида, хоҳ кинода бўлсин, яратган барча сиймолари миннатдор мухлислари қалбида сақланиб келмоқда. Умуман, иқтидорли актѐр саҳнада – ўзбек ва қардош давлатлар драматурглари яратган пьесаларида 100 дан ортиқ ролларни ижро этди. Инсонийлик, умумбашарий муҳаббат, яратувчанлик ва эзгуликни тараннум этган, неча ўнлаб саҳна ва экран асарларида сўнмас сиймолар яратган Раззоқ Ҳамроевнинг ўзи ҳам ноѐб иқтидори, беназир ижрочилик санъати билан маданий ҳаѐтимизда ўчмас из қолдириб, мангуликка юз тутди. Раззоқ Ҳамроев ўзбек театри ва кино санъати ривожига беқиѐс ҳисса қўшган, бетакрор истеъдодини юрт иқболи, миллат тараққиѐтига бахшида этган фидокор инсонлардан бири эди.