Мусиқали драма театри ва кино артисти Турсуной Жаъфарова 1915 йили Наманганда туғилди. 1925-30 йилларда шаҳардаги 5-аёллар мактабида ўқигач, Наманган вилоят мусиқали драма ва комедия театрида ишлай бошлади. 1940 йилдан то умрининг охиригача Муқимий номидаги ўзбек давлат мусиқали театрида фаолият кўрсатиб, “Тоҳир ва Зуҳра”да Тоҳир, “Равшан ва Зулхумор”да Зулхумор, “Офтобхон”да Офтобхон, “Ватан ишқи”да Нарзи, “Нодира”да Нодира, “Момо ер”да Тўлғаной, “Тошболта ошиқ”да Рисолат ролларини ўйнаб томошабинлар олқишига сазовор бўлди. Унга “Ўзбекистон халқ артисти” унвони берилди.
Турсуной Жаъфарова кино соҳасида бир неча эсда қоларли роллар ижро этган. Айниқса, “Келинлар қўзғолони” бадиий фильмидаги Фармонбиби роли унинг шоҳ ролларидан ҳисобланади.