РУСТАМ МАЪДИЕВ
ЎЗБЕКИСТОН ХАЛҚ АРТИСТИ
(1956-2007)
Таниқли актер ва режиссёр Рустам Маъдиев 1956 йил 20 февралда Қашқадарёнинг Касби туманида таваллуд топган. Тошкент театр ва рассомлик санъати (ҳозирги Ўзбекистон давлат санъат ва маданият) институтининг мусиқали драма факультетида, кейинчалик олий режиссёрлик курсида таҳсил олган. 1978 йилдан Муқимий театрида фаолият юритган. У даставвал актёр, кейинги ўн йил мобайнида режиссёр ва драматург сифатида намоён бўлди. 2004–2007 йилларда театрнинг бош режиссёри сифатида фаолият олиб борди. Маҳоратли солист-вокалист Рустам Маъдиев кўплаб спектаклларда ўзига хос, бетакрор образлар яратган. “Юсуф ва Зулайҳо”да Азиз, “Нодирабегим”да Амир Насрулло, “Лайли ва Мажнун”да Навфал, “Ватан ишқи”да Ёдгорбек, “Бобур соғинчи”да Бобур сингари қаҳрамонлари театр мухлислари қалбидан чуқур жой олган. Айниқса Бобур роли ўзининг чуқур психологик талқини, драматик кечинмалари билан актёр ижодида алоҳида ўрин тутди. Театрда ишлаш бир қаторда маҳоратли санъаткор Ўзбекистон телевидениесининг кўплаб телепостановкалари, видеофильм, телесериалларида турли характердаги қаҳрамонларни талқин қилган.
Мамлакатимизда ўтказилган “Наврўз”, “Мустақиллик” байрам шодиёналарида актёр, режиссёр сифатида фаол иштирок этган. Рустам Мадиев режиссёр сифатида “Севги нидоси”, “Фотима-Зуҳра”, “Девона”, “Тақдир”, “Диёнатга хиёнат”, “Қудуқ тубидаги фарёд”, “Мангу машъал”, “Ажаб саодат эрур”, “Оқибат”, “Бу қандай бало?”, “Бобур соғинчи” каби кўплаб спектаклларни саҳналаштирган. У ўзи саҳналаштирган “Девона”, “Тақдир”, “Оқибат”, “Ҳасан Кайфий” пьесаларининг муаллифи ҳамдир. Унинг театр саҳнасида қўйган энг сўнгги спектакли “Отабек ва Кумушбиби” бўлиб қолди. Рустам Маъдиев маҳоратли актёр, режиссёр ва ёшларнинг севимли устози сифатида умрининг сўнгги кунларига қадар Муқимий театрида фаолият юритган. Рустам Маъдиевга 1998 йили Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, 2006 йилда Ўзбекистон халқ артисти унвони берилган.